2020 йилнинг октябрь ойида таниқли шифокор-олим, республикада тиббиёт фанининг ташкилотчиси, пульмонология, юрак-қон томир жарроҳлиги, умумий жарроҳлик амалий масалаларининг фундаментал муаммоларини комплекс ишлаб чиқишни мунтазам амалга ошираётган юқори малакали мутахассис, Ўзбекистон Республикаси морфологлар Ассоциацияси раиси, Халқаро морфологлар Ассоциацияси Мувофиқлаштирувчи Кенгаши аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нажийўлла Ҳабибуллаевич Шомирзаев оламдан ўтдилар.

       

       ШОМИРЗАЕВ НАЖИЙУЛЛА ҲАБИБУЛЛАЕВИЧ

Н.Ҳ.Шомирзаев – 1937 йил 4 декабрда Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилди. Тошкент шаҳри №18 генерал С.Рахимов номидаги ўрта мактабда таҳсил олди. 1956 йилда у ТошДавТИ нинг педиатрия факултетига ўқишга кирди. Шу даврдан бошлаб унинг асосий илмий-педагогик ва ижодий фаолияти тиббиёт олийгоҳи билан боғланган.

Талабалик давридаёқ Н.Ҳ.Шомирзаев Давлат мукофати совриндори, профессор Ф.Ф.Амиров раҳбарлигида оператив жарроҳлик ва топографик анатомия кафедраси қошида ташкил этилган талабалар илмий тўгарагининг ишларида фаол иштирок этди. Ўтказилган экспериментал изланишларнинг натижалари шаҳар ва республика миқёсидаги мусобақаларда энг яхши студентлик иши учун мукофати ва Ёрлиқлари билан юқори баҳоланди. Умумиттифоқ мусобақада бу иш иттифоқ бўйича энг яхши студентлик иши, деб тан олинди ва Соғлиқни сақлаш Вазирлигининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Институтни тамомлагач, у 1962 йилда ТошДавТИ нинг оператив жарроҳлик ва топографик анатомия кафедрасида қолдирилди, шу йилнинг ноябр ойида эса ТошДавТИ нинг Марказий илмий текшириш лабораторияси морфология бўлимига кичик илмий ходим лавозимига ишга олинди. 1962 йилнинг декабрида Тошкент шифокорлар малакасини ошириш институти патоморфологик лабораториясига курсга юборилиб, у ерда профессор Р.И.Данилова раҳбарлигида малакасини оширди.

1966 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

1966 йил ТошДавТИ нинг гистология кафедрасига ўтказилди ва ЎзР ФА академиги, профессор К.А.Зуфаров раҳбарлигида докторлик диссертацияси устида иш бошлади. 1973 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.

1973 йилдан то 1976 йилгача Н.Ҳ.Шомирзаев ТошДавТИ Марказий илмий-текшириш лабораториясининг катта жамоасига раҳбарлик қилди.

1976 йилдан бошлаб Н.Ҳ.Шомирзаев ТошДавТИ оператив жарроҳлик ва топографик анатомия кафедраси доцент лавозимида ишлади. 1978 йилда оператив жарроҳлик ва топографик анатомия кафедраси асосида бутун институт кафедралари учун кўргазмали ўқув-илмий анжуман ўтказилди. 1979 йилдан то 2005 йилгача Н.Ҳ.Шомирзаев ТошДавТИ оператив жарроҳлик ва топографик анатомия кафедрасини бошқаради. Н.Ҳ.Шомирзаев республикада биринчилардан бўлиб “Оператив жарроҳлик” ўқув қўлланмасини нашр қилдирди, бу қўлланма 2 марта қайта нашр этилиб ўзбек тилига таржима қилинди. 2006 йилда С.Ҳ.Назаров ва Р.Ж.Усманов билан ҳамкорликда тиббиёт ОЎЮ талабалари учун “Topografik anatomiya” дарслиги нашр этилди. Оператив жарроҳлик ва топографик анатомия фанини бошқа клиник фанлар билан ўқитишда интеграллаш масаласи қўшма дастурлар, услубий кўрсатмалар, “Хирургик касалликлар” дарслигини нашр қилиш орқали амалга оширилди. 2020 йилда икки жилддан иборат “Klinik anatomiya” дарслигини чоп қилди.

Илмий текширишларнинг асосий йўналишлари қуйидаги масалалар атрофида жамланган: 1) ўпка ателектази динамикаси ва унинг реаэрацияси масалалари; 2) пневмонэктомия ва лобэктомиядан сўнг патологик ҳолларда ўпканинг функционал-метаболик ва структур хусусиятлари; 3) сурфактант етишмовчилик ҳолатлар ва уларни дори-дармонлар билан коррекциялаш; 4) ўпканинг нормада ва сурункали носпецифик касалликларида иммун тизими; 5) ўпкада липидлар метаболизми механизми; 6) ўпка артериал гипертензиясини жарроҳлик усуллари ёрдамида коррекциялашни ишлаб чиқиш; 7) сўриладиган жарроҳлик иплари ва полимер материалларнинг янги турларини ишлаб чиқиш ҳамда йўлга қўйиш.

Юқорида қайд этилган масалаларни мувафаққиятли ва унумли ишлаб чиқилиши натижасида Н.Ҳ.Шомирзаев раҳбарлиги остида 7 та докторлик ва 23 та номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинган. Улар томонидан 500 дан ортиқ илмий иш, шу жумладан 4 та монография, 2 та маълумотнома, 10 та дарслик ва ўқув қўлланмаси ва 56 та услубий тавсиянома нашр қилинган ҳамда 10 та муаллифлик гувоҳномаси, 11 та рационализаторлик таклифлари олинган.

Н.Ҳ.Шомирзаев илмий ишларининг натижалари Франция, Польша, Афғонистон, Эрон ва МДҲ давлатларида ўтказилган Халқаро анжуманларда муҳокама қилинган ва муносиб баҳоланган.

Н.Ҳ.Шомирзаев кафедрада, деканатларда, Тошкент тиббиёт институти ректори, Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги Илмий тиббий Кенгаши раиси (1985-1987 йй. ва 1990-2000 йй.) лавозимларида ишлаган даврларида катта ва унумли илмий ташкилотчилик, илмий-изланиш, педагогик ва жамотчилик ишларини олиб борди. ЎзР Соғлиқни сақлаш Вазирлигининг тиббиёт илмини бошқаради. Бу даврда тиббиёт ва соғлиқни сақлашнинг устивор йўналишлари ҳамда Давлат фан-техника Дастурлари белгиланди. Н.Ҳ.Шомирзаев 1987 йилдан то 1990 йилгача ТошДавТИ ректори лавозимида ишлаган даврида институт жамоасининг фаолиятини тиббиёт ва соғлиқни сақлашнинг устивор йўналишларини бажаришга қаратди. Натижада Республикада биринчи бўлиб тиббиёт олий мактабини қайта қуришнинг асосий қоидалари концепцияси (ТошДавТИ мисолида) яратилди.

Н.Ҳ.Шомирзаев 1985 йилдан 1998 йилгача “Ўзбекистон тиббиёт журнали” нинг бош муҳаррири ўринбосари вазифасида ишлади.

1997 йилдан бошлаб ҳозирги кунгача Ўзбекистон Республикаси Морфологлар Ассоциацияси раиси. Унинг раҳбарлиги остида 2008 йилда Бухоро шаҳрида Халқаро морфологлар Ассоциацияси IX Конгресси ва Ўзбекистон Республикаси Морфологлар ассоциацияси IV съезди ташкиллаштирилди ва амалга оширилди. Ушбу Конгресснинг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, Конгресс очилиши буюк аллома Абу Али ибн Сино ватани Афшона шаҳарчасида олиб борлиди ва конгресс илк бор Россия Федерациясидан ташқарида ўтказилди.

Н.Ҳ.Шомирзаевнинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланган. У “Ҳурмат белгиси” ордени, “Шавкатли меҳнати учун” ва “Мустақилликнинг 15 йиллиги” нишонлари, “Соғлиқни сақлаш аълочиси” белгиси, Ўзбекистон Олий кенгаши Президиумининг ва ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фахрий ёрлиқлари, Бутун Россия анатомлар, гистологлар ва эмбриологлар илмий жамиятининг “Морфологиядаги улкан хизматлари учун” олтин медали, Абу Али Ибн Сино кўкрак нишони билан тақдирланган. Институтнинг интеллектуал салоҳияти ривожланишида қўшган катта хизматлари учун 2020 йилда Бухоро Давлат тиббиёт институтининг фахрий профессори сифатида танланган.

 

                                                         Тошкент тиббиёт академияси,

                                          Анатомия, клиник анатомия кафедраси.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.